Ўзбекистон ва Тожикистон Тошкент, Самарқанд, Термиз, Душанбе, Хўжанд, Пенжикент ва бошқа йирик шаҳарлар ўртасида автобус қатновини қайта тиклаш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълум қилди.
Расман билдирилишича, 5 июнь куни Душанбеда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқов Тожикистон ташқи ишлар вазири С. Муҳриддин билан учрашди.Учрашувда икки давлат ўртасида автобус қатновини қайта тиклаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Бундан ташқари “Ипак йўли” сайёҳлик брендини илгари суриш ва “зиёрат – туризм”ни ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича биргаликда иш олиб бориш тўғрисида келишувга эришилди.
Шунингдек, маданий-гуманитар соҳада фаол ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди. Хусусан, маданият, санъат, фан арбоблари, шунингдек, икки мамлакат ёшларининг Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларига ўзаро сафарларини ташкил этишга келишиб олинди.