Ўзбекистонда турли касалликларга қарши вакциналарни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу меъёр президентнинг “Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилди.
Қарорга асосан Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтига иммунобиологик препаратлар (вакциналар, зардоблар, тест-диагностикумлар ва бошқалар) бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш кўрсатмаси берилди.
Бундан ташқари “вакцина-зардоб иши бўйича инфекция касалликларига қарши профилактика, диагностика, дори воситалари ва препаратларини яратиш, уларнинг ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш” вазифаси белгиланди.
Қарор билан 2020—2024 йилларга мўлжалланган тегишли дастур, шунингдек, биотехнологиялар соҳасида устувор илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш дастури тасдиқланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Биологик хавфсизлик бўйича кенгаш тузилади.
“Ўзбекистон 24” телеканалининг хабар беришича, вакциналар ишлаб чиқариш бўйича майдоннинг яратилиши тахминан 53 миллион доллар, лабораторияни ташкил этишга 8 миллион доллар маблағ талаб қилинади.