Ўзбекистон Германия рўйхатидаги Толибондан қочаётган ва эвакуацияга муҳтож афғонларга чегарасини очишга тайёр, деб билдирди журналистларга 30 август куни Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
30 август куни Хайко Маас Тошкентда ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан учрашган эди.
Германия рўйхатида Афғонистондан эвакуация қилиниши лозим бўлган яна 10 минг кишининг исми бор. Рўйхатга Германия фуқароларидан ташқари немис элчихонасида ишлаган маҳаллий аҳоли, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар киритилган.
17 август куни президент Шавкат Мирзиёев ва Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер телефон орқали мулоқот қилган ва мулоқот чоғида Ўзбекистон Афғонистондан немис фуқароларини эвакуация қилиш масалалари бўйича Германия билан ҳамкорлик қилиши ҳақида келишилганди.
Шундан сўнг 19 августдан бошлаб Тошкент-3 аэропорти Афғонистондан эвакуация қилинаётганлар транзити учун ажратиб берилганди.