Ўзбекистон Касаба уюшмалари видеоселекторидан журналистлар чиқариб юборилди

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг катта мажлислар залида 9 март куни Аёллар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидан оммавий ахборот вакиллари чиқариб юборилди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, дастлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов нутқ сўзлаган. Мазкур йиғилишда сенат раиси Танзила Норбоева, президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги мансабдор шахслар, тегишли ташкилот раҳбарлари қатнашган.

“Танқидий-таҳлилий руҳда кечаётган тадбирнинг айни қизғин палласида йиғилишни ёритиш учун келган ОАВ вакиллари кутилмаганда чиқариб юборилди”,-деб ёзди “Дарё уз”.

Журналистларни йиғилишдан чиқариб юбориш таклифини касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов киритган. У журналистларга қарата: “Бу ерда гапларимиз бор-да бизнинг, илтимос сизлардан, рухсат ҳаммаларингизга”,-деб айтган.

Шундан сўнг залдан “Ўзбекистон 24”, “Ёшлар”, UzReport, “Менинг юртим”, Zo‘r TV, Daryo.uz, “Халқ сўзи online”, Bugun.uz мухбирлари чиқариб юборилган.

“Журналистлар Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова ҳамда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати вакили Жонибек Маъруповлардан мазкур вазият бўйича изоҳ сўрашди. Аммо улар бу ҳолатга жавоб бера олмади”,-дейилади хабарда.