Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлашни ўтказишга тайёр экани расман эълон қилинди

Расман билдирилишича, жорий йилнинг иккинчи чорагида коронавирусга қарши вакцинани сақлаш учун миллий омборхона қуриб битказилади.

Коронавирусга қарши эмлаш жараёни учун вилоятларга жами 34 та музхона, 10 121 дона термоконтейнер ва термосумка, 749 та музлаткич, бирламчи даволаш-профилактика муассасаларига 2 мингдан ортиқ совуткич ўрнатилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабеков 24 февраль куни маълум қилди.

Унга кўра, вакциналарни хавфсиз ва тезкор ташиш учун Ўзбекистонга жами 17 та авторефрижиратор, 206 Miniven-Labo автомашиналари келтирилди.

— Ўтган йиллар давомида жами 21 та вакцина сақлаш омборлари, шу жумладан, 1 та миллий, 14 та минтақавий ва 6 та туман омборлари қурилиши қўллаб-қувватланган эди. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз бўйича 16 та вакцина омбори қуриб битказилиб, 29 та махсус совуткичлар вакцина омборларига ўрнатилди. Қолган 5 та вакцина омборхонаси эса 2021 йилнинг биринчи чораги охиригача қуриб, фойдаланишга топширилиши кутилмоқда,-деб иқтибос келтирди Отабеков сўзларидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Расман билдирилишича, жорий йилнинг иккинчи чораги якунига қадар коронавирусга қарши вакцинани сақлаш учун миллий омборхона ҳам қуриб битказилади.

Нурмат Отабеков барча омборларга ёнғин хавфсизлиги ва сигнализация тизими ўрнатилган бўлиб, улардаги мавжуд совуқликни таъминлаб бериш тизимлари замонавий генераторлар ва стабилизаторларга уланганини айтди.

Айтилишича, барча омборлар вакциналарни юклаш-тушириш ускуналари, автокаралар ва махсус кийимлар билан таъминланди. Бундан ташқари, ҳудудларга жами 4000 ҳарорат индикатори ва 5000 музлатиш индикатори тарқатилди, эҳтиёт қисмлари заҳираси яратилиб, мавжуд омборлар ихтиёрига ўтказилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмалаш март ойининг ўрталаридан бошланиши эълон қилинган эди. Аммо 23 февралга келиб, Озодлик боғланган бирорта масъул ташкилот, эмлаш қачон бошланади ва 4 миллион доза вакцина қаердан олиб келинади, деган саволларга аниқ жавоб беролмади.