Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилда Ўзбекистон "Лукойл" компаниясидан 5 миллиард куб метр газ сотиб олган.
Қишга тайёргарликка бағишланган матбуот анжуманида гапирган Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов "Лукойл" Ўзбекистонга газни экспорт нархидан арзон сотганини айтган.
Ўзаро келишувга кўра, "Лукойл" йилига 5 млрд куб метр газни Ўзбекистонга 12,5 фоизлик чегирма билан сотади.
Мулозим сотиб олинган газ қаерга, қандай сарфланишига ойдинлик киритмади.
Айни пайтда мамлакатнинг аксар ҳудудларида газ тақчиллиги кузатилмоқда, чекка қишлоқлар эса газдан бутунлай узиб ташланган.
Норматовга кўра, пандемия сабаб Хитойга газ экспорти 5 баробарга камайган. Мулозим аниқ рақамларни очиқламади.
“Лукойл” Ўзбекистонда 2004 йилдан бери фаолият юритиб келади. Ўтган йили ширкат 14 млрд куб метрдан кўпроқ газ қазиб олгани ва бу газнинг катта қисми экспортга, асосан Хитойга кетган. 2020 йили компания Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қувватини 16 млрд куб метргача оширишни режалаган эди.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, ўтган йили Ўзбекистонда жами 59,5 млрд куб метр табиий газ қазиб олинган. Хомашё экспорти давлат хазинасига 2,2 млрд АҚШ доллари олиб келган. Ўзбекистон расмийлари 2025 йилга бориб хорижга газ сотишни тўлалигича тўхтатиш ва қазиб олган газнинг барчасини мамлакат ичида қайта ишлашни режалаётганларини билдирганлар.