Ўзбекистон президенти бундан буён рамзий тўш белгиси ва штандартига эга бўлади. Бу борадаги қонунни президент Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни имзолади.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишга мувофиқ президент инагурацияси пайтида унга махсус тўш белги ва штандарт- президент байроғи топширилади.
Ўзбекистон мустақиллика эришганидан 30 йил ўтиб президент рамзларини жорий этмоқда. Мамлакат президент рамзларига эга бўлмаган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан бири эди.
Штандарт президент иштирок этадиган барча муҳим тадбирларда, инаугурация пайтида ҳамда президент қароргоҳларининг бинолари ва хизмат хоналарида кўтарилади. Президент тўш белгиси эса халқнинг ишончини тамсил қилади.
Қонунга асосан, президент белгиси ва штандарти тавсифи, улардан расмий фойдаланиш тартиби Президент томонидан белгиланади. Ҳозирча президент тўш белги ва штандарт тавсифини жамоатчиликка эълон қилган эмас.