Ўзбекистон президенти АҚШ делегациясини қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 4 октябрь куни АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уэнди Шерман бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, учрашувда Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклигини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Америка томони Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини қатъий қўллаб-қувватлаши алоҳида таъкидланди.

Билдирилишича, Вашингтон шаҳрида жорий йил охиригача Ўзбекистон - АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик масаласига бағишланган илк йиғилишни ўтказиш ҳам режалаштирилди.

“Шунингдек, Афғонистонда вужудга келаётган вазият юзасидан батафсил фикр алмашилди. Ўзбекистоннинг афғон халқига кўмаклашиш ҳамда қўшни мамлакатда узоқ муддатли тинчлик ўрнатилиши ва унинг иқтисодий тикланишига хизмат қиладиган лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланди”,-дейилади хабарда.