Ўзбекистон коронавирус тарқалишининг олдини олишга кўмаклашиш учун Тожикистон Республикасига инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, ёрдам мамлакат президенти топшириғига биноан жўнатилган.
Инсонпарварлик ёрдами юкланган поезд 9 апрелда Сурхондарё вилоятидан Душанбе шаҳрига жўнаб кетди.
"Яқин дўст тожик халқига юборилган инсонпарварлик юкида эпидемияга қарши курашда зарур бўладиган ҳимоя комбинезонлари ва кўзойнаклари, суюқ натрий гипохлориди, респираторлар, қўлқоп ҳамда пирометрлар, шунингдек, ун маҳсулотлари бор", дейилган хабарда.
Ўзбекистон инфекция тарқалишининг олдини олишга кўмаклашиш учун Хитой, Эрон, Афғонистон ва Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатди.
Тожикистонда шу кунгача бирор кишига коронавирус юққанига оид расмий маълумот йўқ.
5 апрелда Тожикистон шимолидаги Жаббор Расулов туман марказий касалхонасида 60 яшар эркак вафот этиши ортидан уни даволаган 11 шифокорнинг тана ҳарорати кўтарилган ва туман марказий касалхонаси тўла карантинга олинган эди.