Ўзбекистон Восточний космодроми объектларини қуриш учун Россияга 1 466 кишидан иборат муҳожирлар гуруҳини жўнатди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Хабарда айтилишича, Восточний космодроми қурилишига ўзбекистонлик қурувчилар Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда октябрь ойининг бошидан жўнатила бошланган.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норовнинг айтишича, Восточний космодроми қурилишига жами 5 минг ўзбекистонлик жўнатилиши режалаштирилган.
Космодром қурилиши учун ишчилар Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан танланмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзбекистонлик ишчиларнинг саломатлигини, Ички ишлар вазирлиги эса уларнинг Россияга кириши тақиқланмаганини текширмоқда.
Аввалроқ Россия қурилиш вазири ўринбосари Никита Стасишин яқин кунларда Москва Ўзбекистондан коронавирусга қарши “Спутник Лайт” вакцинаси билан эмланган 10 минг меҳнат муҳожирини Россияга олиб келиш схемасини тасдиқловчи қарорни қабул қилиши кутилаётганини билдирган.