“Ўзбекистон темир йўллари” 2021 йилнинг 1-чорагида 95,6 миллиард сўм зарар кўргани ҳақида ширкатнинг чорак якунлари бўйича Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинган ҳисоботида қайд этилди.
Spot нашрининг маълум қилишича, бу маълумот ширкатнинг молиявий вазияти анча яхшиланганини англатади. Чунки 2020 йилнинг 1-чорагида ширкатнинг зарари бундан 10 миллиард сўмга кўпроқ бўлган.
Айни пайтда “Ўзбекистон темир йўллари”нинг 2021 йилнинг 1-чорагидаги ялпи 1,6 триллион сўм миқдорида тушум олган, соф тушум эса 2,3 триллион сўмни ташкил қилди.
Ширкатнинг ҳаражатлари ўтган йилги 227,5 миллиарддан 297,6 миллиардга етган. Асосий фаолиятдан даромад 671,9 миллиард сўмдан 512 миллиард сўмга тушиб қолган.
Шундан келиб чиққан ҳолда ширкат тўлаган солиқлар миқдори ҳам камайган. Масалан, 2020 йилнинг 1-чорагида “Ўзбекистон темир йўллари” 22,6 миллиард сўм солиқ тўлаган бўлса, 2021 йилнинг биринчи уч ойи учун тўланган солиқ миқдори 21,2 миллиард сўм бўлган.