Ўзбекистон Толибонга “инкор этиб бўлмайдиган фактор” сифатида ёндашади ва бу расмий Тошкент учун асосий йўналишдир. Олий Мажлис Сенатининг 26 августда ўтган 18 ялпи мажлисида Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев мана шундай баёнот берди.
“Толибон ҳаракати билан бир неча йиллардан бери мулоқот қилиб келяпмиз. Ва албатта Толибонга ҳам Афғонистон жамиятининг инкор этиб бўлмайдиган фактори сифатида ёндашамиз. Кейинги ёндашувларимизда ҳам айнан мана шу принциплар биз учун асосий йўналиш бўлиб қолади”,— деди вазир ўринбосари.
Фарҳод Арзиев сенаторларга Ўзбекистон Афғонистонда коалицион ҳукумат шаклланиши тарафдори эканини таъкидлади:
“Энг аввало биз Афғонистонда барча сиёсий кучларнинг манфаатини эътиборга оладиган, уларнинг ўзаро тинчлик музокаралари натижасида эришиладиган коалицион ҳукумат шаклланиши тарафдоримиз. Биз Афғонистонда қуролли куч ишлатиш йўли билан афғон муаммоси ҳал бўлади деган ёндашувдан доим йироқ бўлганмиз”.
15 август куни Толибон ҳаракати пойтахт Кобулни эгаллади ва Афғонистон назоратини ўз қўлига олди. Бунинг ортидан президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди.