Ўзбекистон хитой вакцинасидан 1 миллион доза сотиб олади. ЖССТ AstraZeneca’дан 660 минг доза беради

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг ўрталаридан бошланиши режалаштирилган.

Март ойида Ўзбекистон Хитойдан коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасидан 1 миллион дозадан ортиғини сотиб олади. Хитойнинг "Синхуа" агентлигига бу ҳақда Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистонда ўтган йилнинг декабридан бери Хитой вакцинасининг учинчи босқич клиник синовлари ўтказилмоқда. Бугунги кунда бу вакцина 7 минг кўнгиллида синаб кўрилган ва “жуда озчиликдагина аллергик реакция ва ҳарорат кўтарилиши кузатилди. Барча симптомлар назоратга олинди ва уч-тўрт ичида барча эмланганлар ўзларини яхши ҳис қила бошлади".

Айни пайтда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев Тошкентда ўтказилган брифингда 15-20 март кунларида Ўзбекистонга COVAX дастури бўйича 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси келтирилишини билдирди.

COVAX дастури лойиҳани мувофиқлаштираётган Gavi дастури билан ЖССТнинг қўшма ташаббуси бўлиб ҳисобланади. COVAX ривожланмаган мамлакатларни 2021 йил охиригача икки миллиард доза вакцина билан таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Мазкур дастурга Ўзбекистон ҳам қўшилган.

Баҳодир Юсупалиев кейинги босқичда Россиянинг “Спутник V” вакцинасидан 1 миллион доза сотиб олиш бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирган.