Кобулда Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов Толибон Ташқи ишлар вазири Мавлави Амир Хон Муттақий билан Тошкент ва Кобул ўртасидаги авиақатновларни қайта тиклаш масаласини муҳокама қилди.
Толибон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Муҳаммад Наимнинг 1 октябрь куни Твиттер саҳифасида ёзишича, учрашув чоғида Мозори Шариф аэропортини қайта қуриш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Хабарда таъкидланишича, “Муттақий Ўзбекистон элчисига миннатдорчилик билдирди ва икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга чақирди”.
Президент Шавкат Мирзиёев 17 сентябрда ШҲТ саммитида нутқ сўзлаб, халқаро ҳамжамиятни Толибон ҳукумати билан мулоқот ўрнатишга ва Афғонистоннинг хориж банкларида музлатилган активларини қайтаришга чақирган эди.
Ўзбекистон Толибон Афғонистон ҳукуматини босиб олганидан сўнг Кобулга гуманитар ёрдам жўнатган.