Ўзбекистон "Қизил китоб"га киритилган жайрондан 15 тасини Қирғизистонга сотади

Бухоро жайрони.

Ўзбекистон Қирғизистон билан жайрон сотиш тўғрисидаги шартномани имзолади. Бу ҳақда 22 сентябрь куни Қирғизистон Миллий фанлар академияси Биология институти расмийси Аскар Давлетбаков маълум қилди.

Унинг айтишича, Ўзбекистон 15 бош жайронни Қирғизистонга октябрь ойининг ўрталарида етказиб беради.

Ҳайвонлар грант ҳисобидан сотиб олинмоқда. Улар бир муддат махсус жойда сақланади ва кейинроқ Қирғизистонда аввалари жайронлар яшаган ҳудудларга қўйиб юборилади.

Расмийнинг айтишича, Қирғизистонда жайронларни Совет Иттифоқи давридаёқ қириб юбориш жараёни бошланган эди.

Ўзбекистонда жайрон “Қизил китоб”га киритилган ноёб ҳайвон ҳисобланади ва уни овлаганлар катта миқдорда жаримага тортилади. Масалан, ўтган йилнинг апрелида Навоий вилояти ҳудудида икки бош жайронни ўлдирган икки овчи деярли 69 миллион сўм жаримага тортилган эди.

Қирғизистонда ҳам жайрон “Қизил китоб”га киритилган ва уларни овлаш тақиқланган.

Қирғизистон ҳукумати 2019 йилда Қозоғистонга 50 бош жайрон сотиш илтимоси билан мурожаат қилган эди. Икки давлат бу борадаги протоколни имзолаган. Аммо шу кунгача Қозоғистон Қирғизистонга жайрон сотгани тўғрисида маълумот йўқ.