Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 5 ноябрь куни Тошкент шаҳрига амалий ташриф билан келган Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев билан учрашувда олий ва юқори даражадаги муқаддам эришилган келишувларга содиқлик мавжудлигини тасдиқлади.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.
Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, сув хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Учрашув якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди”, - дейилади маълумотда.
Бу ўтган ойда Қирғизистонда ҳукумат алмашганидан кейин қўшни мамлакат расмийларининг Ўзбекистонга илк ташрифидир.
Қирғизистонда шу йил 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловидан кейин сиёсий бўҳрон вужудга келган. Сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан бошланган норозилик акциялари тартибсизликларга айланиб кетган.
6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар президент аппарати ва парламент фаолият юритадиган “Оқ уй” ва ҳамда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносини эгаллаб олишган. Ўша тунда қамоқдаги қатор сиёсатчилар, шу жумладан 10 октябрь куни парламент томонидан бош вазирликка тасдиқланган Садир Жапаров ва бошқа маҳкумлар озод қилинган.
15 октябрь куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков норозилик акциялари қабатида истеъфога кетган, парламент спикери Қанатбек Исаев эса давлат раҳбари вазифасини бажаришдан бош тортган. Шу важдан президент ваколатлари ҳам Садир Жапаровга ўтган.
Пайшанба куни Тошкентга келган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Р. Қазақбаев ҳамда у бошчилигидаги делегация бош вазир ва президент вазифасини бажарувчи С. Жапаров ҳукуматини тамсил этади.
Ўзбекистонга сафардан аввал Руслан Қазақбаев Қозоғистон ва Россия Федерацияси пойтахтларида бўлиб, у ердаги расмийлар билан мулоқотда бўлиб қайтган.