Фарғона вилоятининг Сўх тумани, Риштон туманининг Чўнғара маҳалласи, Фарғона туманининг Шоҳимардон, Ёрдон маҳаллалари ва Ҳосилот маҳалласининг Тоштепа – 2 кўчасида солиқ солишнинг алоҳида тартибини назарда тутувчи солиқ режими жорий этилди. Бу борадаги “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун президент томонидан имзоланди.
Фарғона вилояти таркибига кирувчи Сўх тумани, Шоҳимардон, Ёрдон, Ҳосилот ва Чўнғара маҳалласи Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги эксклавлари ҳисобланади. Ёрдон ва Ҳосилот маҳаллалари Шоҳимардон эксклави таркибига киради.
Янги тартибга асосан мазкур ҳудудларда солиқ ставкалари фойда ва даромад солиғи бўйича 1 фоиз, тадбиркорлар учун ҳар чоракда 25 минг сўм миқдорида белгиланади.
Ижтимоий солиқ юридик шахслар учун 1 фоиз, якка тартибдаги тадбиркорлар учун йилига БҲМнинг камида 1 баравари, айланмадан олинадиган солиқ бўйича 1 фоиз бўлади.