Қирғизистон ҳукуматининг билдиришича, 15 ноябрь куни Бишкекка Ўзбекистондан жўнатилган навбатдаги гуманитар ёрдам етиб келди.
Гуманитар ёрдамни Бош вазир ўринбосари Элвира Сурабалдиева ва соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиевга Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Хуршид Мирзоҳидов топширди.
Сурабалдиева ҳукумат номидан Ўзбекистонга COVID-19га қарши курашдаги ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.
Гуманитар ёрдам 100 мингта бир мартали ниқоб, 10 мингта ҳимоя комбинезони, 2 мингта ҳимоя кўзойнаги, 100 мингта бир мартали қўлқоп, минг қути “Гепарин”, 5 минг қути “Ремдесевир”, 10 мингта COVID-19 вирусининг олдини олиш воситаси бўлган тиббий тўплам, 10 мингта коронавирус тести, 4 минг дона натрий хлор (100 граммли), 60 мингта бир марталик шприц, 20 мингта томизғичдан иборат.
Ўзбекистон президенти 14 ноябрь куни Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилган ва икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганди.
Ўзбекистон жорий йилда Қирғизистонга коронавирусга қарши кураш доирасида камида 5 марта гуманитар ёрдам жўнатди.
3 август куни Бишкекда ўтган брифингда Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири Замирбек Асқаров Ўзбекистон коронавирус инфекциясига қарши курашда кўмаклашиш учун март ойидан августгача Қирғизистонга жами 560 минг долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатгани ҳақида маълум қилган.