Ўзбекистон Қирғизистонга озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, уч минг тонна буғдойдан иборат гуманитар ёрдам 17 ноябрь куни Ўш темир йўл станциясига етиб келган.
Бундан ташқари Ўзбекистон яқин орада Бишкекда ва Боткен вилоятининг Қадамжой туманида 400 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қурилиши учун модул конструкцияларини жўнатишини маълум қилди.
Ўзбекистон 15 ноябрь куни Бишкекка коронавирусга қарши кураш учун тиббий воситалардан иборат бўлган навбатдаги гуманитар ёрдамни жўнатган эди.
Ўзбекистон жорий йилда Қирғизистонга коронавирусга қарши кураш доирасида камида 5 марта гуманитар ёрдам жўнатди.
3 август куни Бишкекда ўтган брифингда Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири Замирбек Асқаров Ўзбекистон коронавирус инфекциясига қарши курашда кўмаклашиш учун март ойидан августгача Қирғизистонга жами 560 минг долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатгани ҳақида маълум қилган.