Ўзбекистон Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Самарқандек қишлоғидаги интернатнинг ўрнига янги мактаб биносини қуриб беради. Бу ҳақда Боткен вилоят ҳокимлиги 9 июнь куни маълум қилди.
Расман билдирилишича, қирғиз ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Абикерим Алимбаев Фарғона вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров билан учрашган. Учрашувда Самарқандек қишлоғига Ўзбекистон мактаб қуриб бериши келишилган.
Ўзбекистон 2017 йил октябрида Ўш шаҳрида Алишер Навоий номидаги 18-сонли янги замонавий мактаб-гимназия биносини қуришни бошлаб, уни 2018 йил 1 сентябрда фойдаланишга топширган эди.
Мактабда 26 катта ва 22 кичик иншоот мавжуд. Оммавий тадбирлар учун 150 ўринли маданият зали бор. Шунингдек мактаб биноси 190 ўринли ошхона, 56 компьютер, 33 телевизор, 4 экранли проектор билан таъминланган.
Бундан ташқари Ўзбекистон Қирғизистон ҳудудида коронавирусга қарши енгил конструкцияли иккита касалхонани ҳам қурган.