Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги икки қишлоқ Туркистон вилоятига қўшилди

Ҳукумат қарорида таъкидланишича, Бағис ва Хиёбон қишлоқларининг умумий ҳудуди 795,62 гектарни ташкил қилади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги маҳаллий аҳоли орасида баҳсли, деб билинган Бағис ва Хиёбон қишлоқлари Қозоғистон Бош вазири Асқар Маминнинг буйруғи асосида Туркистон вилояти таркибига қўшилди.

Бу борадаги маълумот Бош вазирнинг расмий сайтида 25 май куни эълон қилинди.

Ҳукумат қарорида таъкидланишича, Бағис ва Хиёбон қишлоқларининг умумий ҳудуди 795,62 гектарни ташкил қилади. Мазкур қарор расман эълон қилинган кунидан бошлаб кучга киради.

Қишлоқларнинг Туркистонга қўшилиши муносабати билан, қарорга асосан, вилоят чегаралари ҳам ўзгартиралади.

Озодлик радиоси қозоқ хизматининг билдиришича, Бағис қишлоғи 2003 йилда икки давлат ўртасидаги шартномага асосан ратификация қилинган, бироқ шу кунгача Қозоғистон харитасига киритилмаган.

Ўзбекистон томони 2000-йиллар бошида эришилгани айтилаётган чегара битими тафсилотларини очиқламаган.

Харитага киритилмагани учун йиллар давомида қайси давлатга тааллуқли эканликларини англай олмай келаётган қишлоқ аҳолиси Қозоғистонга қўшилганлари тўғрисида Озодлик радиоси қозоқ хизмати мухбири уларга телефон қилганидан сўнг хабар топган.

Бу икки қишлоқ ҳукумат раҳбари қарори билан Туркистон вилоятининг Сариағиш тумани таркибига киритилган.

Сариағиш туман ер муносабатлари бошқармаси бошлиғи Нуржан Қўқўевнинг айтишича, ҳукумат қарори асосида Туркистон вилояти ҳокимлиги махсус қарор қабул қилиши шарт бўлади.

Айни пайтда Бағис қишлоғидаги 67 хўжалик, Хиёбон қишлоғидаги 23 хўжалик ўз ҳовли-жойларини Қозоғистон ҳудуди сифатида эътироф этилиши учун маҳаллий ҳокимиятга ариза топширган.

Бағис ва Хиёбон қишлоқлари қайси мамлакатга тааллуқли эканликлари тўғрисидаги мунозаралар 2001 йилда бошланган.

Орадан кўп ўтмай, баҳсли қишлоқ аҳолиси “Мустақил республика ташкил қилишлари” тўғрисида баёнот берганлар. Аммо 2003 йилга келиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон мазкур қишлоқлар юзасидан ўзаро келишувга эришган. Мазкур келишув асосида қишлоқлар Қозоғистон ҳудуди сифатида тан олинган.

Маҳаллий ҳокимият бу қишлоқлар тўғрисидаги келишув ратификация қилинмагани оқибатида шу кунгача мунозарали бўлиб келганини билдирмоқда. Бироқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Озодлик радиоси қозоқ хизматига бу ерлар 2001 йилдаёқ ратификация қилинганини маълум қилган.

Расман билдирилишича, Бағис қишлоғи Шимкентдан 150 километр узоқликда жойлашган. Қишлоқда 1200 киши истиқомат қилади.

Бу қишлоқ аҳолиси 2000 йилларда қайси мамлакат фуқаролари эканини билмаганлари ортидан “Мустақил республика ташкил қилиш” ташаббусини кўтариб чиқиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматини музокаралар ўтказишга мажбур қилгани билан танилган.