Ўзбекистон Қуддусдаги вазиятга ўз расмий муносабатини билдирди

Исроил бомбардимонидан сўнг Ғазода қутқарувчилар ва аҳоли вайроналар остидан тирик қолганларни қидирмоқда. 2021 йил, 16 май.

Ўзбекистон Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олишидан қаттиқ хавотирда. “Дарё” нашрининг хабар беришича, бу ҳақда 17 май куни Тошкентда ўтган брифингда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Расмий Қуддусдаги вазиятга Ўзбекистоннинг позициясини билдирар экан, Тошкент томонларни зўравонликларга чек қўйиш, қон тўкилишини дарҳол тўхтатишга чақиришини айтди.

“Бундан ташқари, Қуддусдаги ал-Ақсо масжиди ва бошқа қадамжолар урушдан аввалги ҳолат қайтарилиши керак деб ҳисоблаймиз. Ва албатта, Фаластин—Исроил муаммоси халқаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, БМТнинг тегишли резолюциялари ва биз кўп йиллардан бери қўллаб-қувватлаб келаётган ‘икки халқ учун икки давлат’ тамойили асосида ечилиши керак деб ҳисоблаймиз”, — деб иқтибос келтирди президент матбуот котиби сўзларидан нашр.

"Газета.uz"нинг ёзишича, брифингда Шерзод Асадов президент Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон билан телефон орқали суҳбатлашганини, мулоқот пайтида Фаластин ва Исроил ўртасидаги вазият муҳокама қилинганини ҳам билдирган.

Президент Шавкат Мирзиёев 14 май куни Тошкентнинг Учтепа тумани Тепақўрғон маҳалласи аҳолиси билан учрашувда Фаластин-Исроил низосига ҳам тўхталиб ўтган эди.

“Фаластин ва Исроилдаги воқеалар, Ал-ақсо масжиди атрофидаги ҳаракатлар ҳақида гапирар эканмиз, биз фақат тинчлик бўлиши тарафдоримиз. Албатта, ҳар қандай масала бир стол атрофида ўтириб, муроса қилинсагина ҳал бўлади”,- деб иқтибос келтирган президент сўзларидан "Газета.uz".