Чет элликлар олдида ўзини камситилган ҳисоблаётган авиачипта сотувчилар ҳукуматдан жавоб кутмоқда

Биз, авиачипта сотувчи маҳаллий агентликлар “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, Бош прокуратура ва ДХХ раҳбарияти ҳамда Президент халқ қабулхонасига ёзган хатлар қабул қилиб олганига бир ой бўлди, лекин ҳеч қайси идорадан жавоб келмади.

Бу ҳақда Озодликка жавобни кутаётган 14 тадбиркорнинг Тошкент ва Андижондаги икки вакили билдирди. Қонунга биноан давлат органига шикоят келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилиши керак.

Муаллифлар ўз мактубида Миллий авиакомпания авиачипталарини сотувчи маҳаллий ва чет эллик агентлар ўртасида тенгсизлик мавжудлигидан шикоят қилган.

Маҳаллий агентларнинг муаммолари акс этган хат тўғрисида Озодлик 19 июлда хабар қилган эди.

Озодлик 19 июль кунги мақолани тайёрлар экан, асл нусхаси “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Бош директори Бахтиёр Ҳакимовга, нусхалари Бош прокуратура ва ДХХ раҳбарияти ҳамда Президент халқ қабулхонасига жўнатилган хат матнига таянган эди.

14 имзо чекилиб, 14 та муҳр босилган хат

6 август куни Озодликка 4 та идорага жўнатилган бир хил мазмундаги 4 та хатнинг асл нусхалари фотосуратлари келди. Икки ярим бетли хатни авиачипта сотувчи 14 та агентлик раҳбари имзолаган, уларнинг 14 та муҳри босилган.

Хатлар унвонининг чап томонида уларнинг 8 июлда қабул қилиб олингани, қабул қилиб олган ходимнинг имзоси чекилгани акс этган.

Ўзбекистонлик авиачипта сотувчилар ёзган хат

Хат мазмуни

Ушбу мавзуни Озодлик 19 июль кунги материалида ёритар экан, масаланинг мағзи сифатида мана бу гапни келтирган эди:

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиачипталарни сотгани учун тариф миқдоридан келиб чиқадиган ҳақни ҳар хил белгиламоқда. Чет эллик агентларга тарифнинг 12 фоизи ва ундан юқори миқдорда ҳақ тўланади, “Ҳаво алоқалари бош бошқармаси” давлат унитар корхонасининг маҳаллий агентлари эса, 5% гина ҳақ олади".

Бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келишини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” фаолиятидан бевосита хабардор Транспорт вазирлиги мулозими тасдиқлаган эди.

Лекин Озодлик мавзуни ўрганар экан, Прагадаги авиачипта сотувчи агентликлардан бири билан гаплашган, у Интернет савдолар ривожланиши ортидан “Агентга авиакомпания сотган билети учун фалон фоиз ажратади, деган гаплар йўқолиб кетганига анча бўлиб қолди” деган эди.

Шубҳага ўрин йўқ

Мурожаатларига тегишли идоралардан жавоб кутаётган 14 тадбиркорнинг Тошкент ва Андижондаги икки вакили 6 август куни Озодликка “Ҳаво алоқалари бош бошқармаси” давлат унитар корхонаси билан авиачипта сотувчи МЧЖлар ўртасида тузилган Агентлик шартномаси фотонусхасини жўнатди.

Шартноманинг 5.1- моддасида агент “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг авиаташувлар бўйича хизматларини реализация қилгани учун (содда айтганда: чипта сотгани учун) тарифнинг 5% миқдорида комиссион тўлов олиши белгилаб қўйилган.

Авиачипта сотувчи маҳаллий агентлик билан тузилган шартнома

Маҳаллий агентлар нимадан норози?

Тошкент ва Андижондаги икки агент билан 6 август куни мана буларни айтди:

биз - маҳаллий агентлар чет давлатлардаги ҳамкасбларимиз иштирок этаётгани каби Интернет савдода иштирок этолмаймиз, фақат “Ҳаво алоқалари бош бошқармаси” давлат унитар корхонаси тимсолида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” билан тузилган шартнома доирасида ишлай оламиз;

қарийб икки ойдан буён “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиачиптанинг тарифини пасайтириб, солиқларни кўпайтириб қўйди. Масалан, битта чиптанинг жами нархи $200 дейлик, илгари бу пулнинг $140 тариф, $60 солиқлар эди. Эндиликда тариф $100 га туширилди, солиқлар эса, $100 га кўтарилди. Харидор бу фарқни сезмайди – унга барибир. Лекин бундан биз ютқазаяпмиз, чунки 5 фоизимизни чиптанинг умумий нархидан эмас, тарифдан оламиз;

чет эллик агентларга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” тўлайдиган комиссия 12 фоиздан бошланади ва сўнгги пайтларда улар секин-аста мамлакат ичига ҳам кириб келмоқда ва оқибатда маҳаллий агентга иш қолмаяпти;

Хатларга расмий жавоб йўқ, лекин битта ўзгариш бордай

Тошкентлик агентнинг айтишича, Озодлик бу мавзуни ёритганидан сўнг чет эллик агентларга ҳам, агар улар чиптани Тошкентдан бошланадиган рейсга сотса, комиссия 5 фоиз миқдорида тўланмоқда. Бироқ Тошкентлик агент бу гапини далиллай олмади.

Худди шу масалада “Сиз буни қаердан биласиз?” деган саволга андижонлик агент бундай жавоб берди:

- Чет элдаги авиакассалар ўзбекистонлик пассажирларга чегирмалар беришни тўхтатди. Мен улардан бир-иккитаси билан гаплашдим. Оладиган комиссионний вознаграждениеси пасайганини, 1 августда “Ўзбекистон ҳаво йўллари”дан хат келганини, унда агар парвоз Ўзбекистондан бошланса, комиссия 5 фоиз бўлиши айтилганини айтишди. Лекин бунинг бизга иссиғиям-совуғиям йўқ, биз комиссиянинг кўтарилишини, чет эллик ҳамкасбларимиз билан тенг ҳуқуқли бўлишни истаймиз.

Тошкентлик ва андижонлик агентларнинг айтишича, уларнинг хатига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва бошқа адресатлардан расмий жавоб ҳануз йўқ. Лекин Миллий авиакомпания расмийлари хатни имзолаганларнинг баъзилари билан боғланиб, таҳдид қилган, (шунинг учун ҳам тошкентлик ва андижонлик суҳбатдошларимиз исмлари айтилишини, хатга чекилган имзолар ва босилган муҳрлар суратини эълон қилмасликни илтимос қилди) ёлғиз суҳбатга чорлаган. “Лекин биз ҳаммамиз билан, матбуот иштирокида учрашув бўлса борамиз, дедик” деди тошкентлик агент.

Маҳаллий агентлар нимани истамоқда?

Нимани истаётгани улар жавобини кутаётган хатда битилган. Фақат агентларнинг ўзига ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га тушанарли бўлган хос талабларга тўхталмай, биттагинасини келтирамиз:

"Сотиладиган авиачипта учун тўланадиган мукофотнинг фоиз ставкасини 5 дан 12 фоизга кўпайтириш масаласи кўриб чиқилсин".

Ўзбекистонлик авиачипта сотувчиларнинг шикоятига яна бир бор қайтар эканмиз, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” матбуот хизмати ёки бошқа расмийларидан бу гал ҳам муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Бошқа уч идорадан фақат биттаси – Бош прокуратура матбуот хизмати телефонини кўтарди ва саволни эшитиб-эшитмаёқ у томонда эшитилмай ёки “эшитилмай" қолди.

Давлат идоралари қонун талабларига риоя қилаяптими?

Мақоламиз бошида “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, Бош прокуратура ва ДХХ раҳбарияти ҳамда Президент халқ қабулхонасига маҳаллий агентлар ёзган хатлар қабул қилиб олинганига бир ой бўлгани, лекин ҳеч қайси идорадан жавоб келмагани ҳақида айтилган эди.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасида (Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари) бундай дейилган:

Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Таклиф давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.