Ўзбекистон хукумати Давлат активларини бошқариш агентлиги орқали Россиянинг “ЮэСэМ Телеком” ва “МегаФон” ширкатларига Ucell телеком-операторининг 100 фоизи улушини топширмоқда. Бу ҳақда Ucell матбуот хизмати 10 февраль куни хабар берди.
Расман билдирилишича, Россиянинг икки ширкати иштирокида Ўзбекистонда Digital Holding қўшма корхонаси ташкил этилади. Янги қўшма корхона таркибига Ўзбекистон телекоммуникация бозори илғори бўлган Ucell компанияси ҳамда USM’нинг Ўзбекистондаги активлари – CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan ҳам киритилади.
Мазкур корхонага Россия томони 100 миллион доллар миқдорида инвестиция киритиши айтилмоқда.
Digital Holding улушининг 51 фоизи Россия ширкатларига, 49 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли бўлади.
“Битим доирасидаги жараёнлар 2021 йил давомида якунига етади. Digital Holding эътиборини Ўзбекистон Республикасида алоқа хизматларидан фойдаланишни янада қулайроқ қилиш ҳамда сифатини ошириш учун халқаро стандартларга мос келувчи телекоммуникация инфраструктурасини шакллантиришга, ахборот хавфсизлиги ва маълумотларни сақлаш, баъзи турдаги товарлар ҳаракатини маркировкалаш ва кузатиб бориш соҳаларидаги илғор технология ва тизимларни татбиқ этишга қаратади”,-дейилади расмий хабарда.
Хабарда айтилишича, “ЮэСэМ Телеком”нинг асосий мулкдорлари − USM (80% акциялар), Иван Стрешинский (10%) ва Антон Черепенников (10%).
“МегаФон” эса Россиянинг телекоммуникация бозорида етакчи ўринларда турувчи рақамли имкониятлар миллий оператори.
Ucell — GSM, UMTS, LTE ва 5G стандартларидаги ўзбек уяли алоқа оператори. 2018 йилнинг 5 декабридан ООО «COSCOM» («Ucell» савдо белгиси) 100 фоиз давлат компаниясидир.
Ўтган икки йил мобайнида 8 миллион абонентга эга Ucell Ўзбекистон уяли алоқа бозорида етакчига айланди.
2020 йил февраль ҳолатига аҳоли пунктларидаги қамрови 97,6% (GSM); 72,9% (UMTS); 60,8% (LTE)ни ташкил этмоқда. Ucell — Ўзбекистонда 5G стандарти бўйича илк оператор.