Ўзбекистон ҳукумати бир кунда 490 ўзбекистонликни Қозоғистонга мардикорликка жўнатди

Қурилишда ишлаётган ўзбек муҳожири.

Қорақалпоғистондан 490 нафар фуқаро 7 март куни “Довуд ота” чегара пости орқали йирик қурилиш объектларида белгиланган эпидемиологик талабларга риоя қилган ҳолда ишлаш учун Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрига ташкиллаштирилган ҳолда жўнаб кетди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 9 март куни билдиришича, бу иш Ўзбекистон расмийлари ва Қозоғистон иш берувчилари ўртасида олиб борилган музокараларда эришилган шартномаларга асосан амалга оширилди.

“Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали ходимлари томонидан тегишли тушунтиришлар берилиб, бепул суғурта полиси ва хизмат кўрсатиш шартномаси расмийлаштирилди. Меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тарқатма материаллар берилди”,-дейилади расмий билдирувда.

Президент Шавкат Мирзиёев 25 февралда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида меҳнат фаолияти ва Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароси бўлган меҳнат муҳожирлари ва Ўзбекистонда Қозоғистон фуқароси бўлган меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни тасдиқлаш тўғрисдаги қарорни имзолаган эди.