Ўзбекистонга Хитойдан яна 500 минг доза вакцина келтирилди

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари апрель ойидан бошланган

Жорий йилнинг 19 май куни Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd ширкати томонидан ўзбекистонлик мутахассислар билан ҳаммуаллифликда яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан яна 500 минг доза олиб келинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Чоршанба кунги партия билан Ўзбекистонга олиб келинган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси миқдори 3,5 миллион дозага етган. Мазкур вакцинадан шу йилнинг 27 март, 27 апрель ҳамда 18 май кунлари Тошкентга 1 миллион дозадан олиб келингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Айни пайтда мамлакатга март ойида Британияда ишлаб чиқарилган AstraZeneca вакцинасидан 660 минг доза, апрель ойида эса Россияда ишлаб чиқарилган "Спутник V" вакцинасидан 100 минг доза олиб келинган.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланган. Эмловда ZF-UZ-VAC2001 ҳамда AstraZeneca вакцинаси қўлланилган. 28 апрелдан эса ўзбекистонликлар “Спутник V” вакцинаси билан ҳам эмланмоқда.