Ўзбекистонга “ўлим  сиропи”ни келтирган ширкат лицензияси бекор қилинди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропларини ичмаслик борасида тавсия эълон қилган эди.

13 январь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан “Quramax Mediсal” МЧЖга қарши киритилган даъво аризаси кўриб чиқилди, деб хабар берди Олий суд матбуот хизмати.

Суднинг ҳал қилув қарори билан ширкатга фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун 2019 йил 10 декабрда берилган П6580-сонли лицензия бекор қилиниши ва яроқсиз дори воситалари муомаладан чиқарилиб, йўқ қилиниши белгиланди.

Ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач кучга киради.

“Quramax Mediсal” МЧЖ Ўзбекистонда расман 20 нафар боланинг ўлимига олиб келган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” препаратларини Ҳиндистондан импорт қилиб келган. Мазкур икки дорининг ножўя таъсири ортидан ўлим ҳолатлари қайд этилгач, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги “Quramax Mediсal” МЧЖ келтирган барча дориларнинг савдосини тўхтатган.

ДХХ ҳолат юзасидан мазкур ширкат ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” масъул шахсларига нисбатан жиноят иши очган.

11 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳам Ҳиндистоннинг Marion Biotech ширкати ишлаб чиқарган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропларини ичмаслик борасида тавсия эълон қилди.

“Ўлим сиропи” деб аталган препаратлар таркибида этиленгликоль заҳарли моддаси борлиги тасдиқланиши ортидан Ҳиндистон ССВ Marion Biotech корхоналарида дори ишлаб чиқаришни тақиқлаган, Уттар-Прадеш штати маъмурияти эса ширкатга берилган лицензиянинг амал қилишини вақтинча тўхтатган.