Ўзбекистонда 6 талаба ўлимидан сўнг деярли 150 минг талаба ётоқхонага муҳтожлиги айтилди

Вазир Тошқулов ётоқхоналар етишмаслигида ректорларни айблади.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда талабалар ётоқхоналари сони 228тага кўпайди, шунга қарамай 149 минг 400 талаба ётоқхонага муҳтож. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган ҳукумат соатида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов маълум қилди.

Унга кўра, 2025 йилгача талабалар учун яна 16та ётоқхона қуриш режалаштирилган. Бу билан яна 6750 талаба ётоқ билан таъминланади.
Вазир ётоқхоналар етишмаслигига бевосита олий ўқув юртлари ректорлари айбдор эканини айтди.

“Чунки ректоратда қурилиш учун масъул бўлган бўлим ҳам, бўлинма ҳам йўқ. Хатто бир марта техник назорат ўтказиш учун мутахассис ёллаш ҳам қийин. Ректорлар, яхшиси ҳеч нарса қурмаган маъқул, деб ҳисоблайди. Агар қурсалар, жавобгар бўлиб қолишдан, текширувлардан қўрқадилар”,-деди Абдуқодир Тошқулов.

Ўзбекистонда талабаларнинг яшаш шароити масаласи Тошкентда бир неча кун олдин 5 талаба ижара уйида ўлик ҳолда топилганидан сўнг кун тартибига чиқди. Бу воқеа содир бўлганидан бир кун ўтиб, яна бир талаба ўзи яшаб ва ишлаб келаётган янги қурилаётган уйнинг лифт шахтасига йиқилиб ҳалок бўлди.