Ўзбекистонда декабрь ойидан бери биринчи марта коронавирусга чалинганлар сони 100дан ошди

Тошкент шаҳрида 9 март куни 11 бемор аниқланган эди.

Ўзбекистонда 14 март куни коронавирусга чалинган 111 нафар бемор аниқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан Ўзбекистонда коронавирус юққанлар сони 80678 кишига етган.

Расмий маълумотларга таяниладиган бўлса, бу ўтган йилнинг декабридан бери қайд этилган бир кунлик энг юқори кўрсаткичдир. Сўнгги пайтларда кунига 30-70 киши коронавирусга чалинаётгани ҳақида хабар бериб келинаётганди.

14 март куни аниқланган беморларнинг 93 нафари пойтахт Тошкентда яшайди. Тошкент шаҳрида 9 март куни 11 бемор аниқланган эди. 10 март куни эса уларнинг сони кескин кўпайиб 71 кишини ташкил қилганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, коронавирусга чалинганлардан 79331 нафари тузалган ва соғайиш кўрсаткичи 99 фоизни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 725 нафар бемордан 141 нафари оғир, 23 нафари эса ўта оғир аҳволда.