Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 1 апрелдан коронавирус инфекциясига қарши “оммавий эмлаш тадбирларига старт берилди”.
Маълум қилинишича, эмлаш ZF-UZ-VAC2001 —ўзбек-хитой вакцинаси ва Британиянинг AstraZeneca вакцинасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
“Апрель ойи давомида Тошкент ва Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларидаги 219 та эмлаш пунктларида бир ойда 142,3 минг эмлаш ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, биринчи навбатда 65 ёшдан катталар ва коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфи юқори бўлган тиббиёт ходимларини эмлаш кўзда тутилган”,-дейилади расмий билдирувда.
Вазирлик сурункали касалликлари бор аҳоли вакиллари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини ҳам биринчи навбатда эмлаш режалаштирилганини маълум қилди.
Мамлакатда 3 138 та эмлаш пунктлари ва 862 та ҳаракатдаги тиббий бригадалар ташкил этилган. Ҳудудларга вакциналарни ташиш учун COVAX дастури доирасида 17 та авторефрижератор, 206 та юк ташувчи минивен ва 16 та енгил автотранспорт воситалари келтирилди.
Эмлаш жараёнлари учун 4 минг нафардан ортиқ шифокор ва 11 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходими жалб қилинган.