Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида шу йил 3 ноябрида депутатлар Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Абдуҳаким Ҳожибоев номзодини кўриб чиққанлар. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, палата депутатлари А. Ҳожибоев номзодини вазирлик лавозимига маъқуллаганлар. У айни кунгача соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
Ҳожибоевнинг янги вазифада иш бошлаши учун эндиликда мамлакат президенти томонидан тегишли фармон имзоланиши керак.
Аввалги вазир Алишер Шодмоновнинг нима сабабдан ишдан кетгани бўйича ҳозирча бирор маълумот йўқ. У 3 кун муқаддам Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган туркий тилли давлатлар соғлиқни сақлаш вазирлари анжуманида ҳам Ўзбекистон ССВ раҳбари сифатида иштирок этганди.