Президент раислигида 24 август куни ўтган видеоселекторда дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилгани ҳақида билдирилди.
Мораторий даврида 316 минг дона қимматбаҳо дарахт асраб қолинган. Бироқ 2,8 мингта қимматбаҳо ва 2 мингдан зиёд кам қимматли дарахтлар ноқонуний кесилган.
Шундан келиб чиқилган ҳолда Ички ишлар тизимида Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида фаолият юритадиган экология полицияси ташкил этиладиган бўлди.
“Барча раҳбарлар бир нарсани аниқ эшитиб олсин. Бундан буён бирорта „яшил ҳудуд“ ва жамоат паркида ҳар қандай дарахтларни кесиш қатъиян тақиқланади”, — деди президент.
Бундан ташқари президенти октябрь-ноябрь ойларида 55 миллион, келгуси йил баҳор мавсумида 70 миллион дарахт экишга кўрсатма берди.
Аввалроқ видеоселектор йиғилишида президент экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудовни ишдан олгани хабар қилинган эди.