Ўзбекистонда 2020 йил якунларига кўра, ишсизлар сони 1 миллион 550 минг кишини ташкил этгани ҳақида Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.
Ҳисоботда таъкидланишича, ўтган йили Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 14 миллион 800 минг кишига етган. Улардан 13 миллион 200 мингги, яъни 89,5 фоизи иш билан таъминланган, 1 миллион 550 минг аҳоли ишсиз. Бу меҳнатга яроқлиларнинг 10,5 фоизини ташкил этади.
2019 йил якунларига қараганда, Ўзбекистонда ишсизлар сони 2020 йилга нисбатан 223 минг 100 кишига оз бўлган ва бу 9 фоизни ташкил қилган.
Давлат статистика қўмитаси ишсизлар сонининг кўпайишига пандемия туфайли жорий этилган чекловлар сабаб бўлганини билдирмоқда.
Ўзбекистон вилоятлари орасида ишсизлик бўйича Самарқанд биринчи ўринни эгалламоқда. Мазкур вилоятда 174,5 минг киши ишсиз. Кейинги 4 ўринда Фарғона (152,2 минг), Андижон (150,6 минг), Қашқадарё (147,5 минг) ва Тошкент вилоятлари (140,9 минг) бормоқда.
Иш билан таъминланган 13 миллион 200 минг аҳолининг 2 миллион 490 мингги давлат секторида, 10 миллион 700 мингги эса хусусий секторда ишлайди.
Айни пайтда 2020 йилда 2019 йилга нисбатан давлат секторида ишлайдиганлар сони 33,7 минг кишига кўпайган, хусусий секторда ишлайдиганлар сони эса 335,3 минг кишига камайган.