Ўзбекистонда Хитой вакцинаси клиник тадқиқотларининг биринчи ва иккинчи босқич ҳужжатлари экспертизаси ҳамда унинг сифат назорати текширувлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълум қилди.
Аввал хабар қилганимиздек, октябрь ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласи бўйича Хитой Фанлар Академияси Микробиология институти ва “Anhui Zhifei Longcom Biopharmacyeutical” компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказган эди.
Қайд этилишича, Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар маркази томонидан сифат назорати текширувларини ўтказиш учун тақдим қилинган вакцина, плацебо намуналари ва тегишли стандартлар ҳамда реагентлар 19 ноябр куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Давлат маркази томонидан қабул қилинган.
Айни пайтда эса Давлат марказининг Фармакология қўмитаси томонидан мазкур вакцина клиник тадқиқотларининг биринчи ва иккинчи босқич ҳужжатлари экспертизаси, шунингдек, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКнинг Вакцина, зардоб препаратлари ва микробиологик таҳлил лабораторияси, Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси ҳамда Фармако-токсикологик лабораторияда вакцинанинг сифат назорати текширувлари ўтказилмоқда.
Хитойда ишлаб чиқарилган вакцина синови "оғир оқибатлар" келтириб чиқаргани сабаб тўхтатил Бразилияда тўхтатилган.
Ўтган ҳафта Озодлик Ўзбекистонда Хитойнинг коронавирусга қарши вакцинаси синовининг учинчи босқичини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётгани, вакцина 5 минг кўнгиллида синаб кўрилиши ҳақида хабар қилган.
Аввалроқ инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов “Халқ сўзи” нашрига берган суҳбатида Ўзбекистонда Хитой, Россия, Европа ва АҚШ вакциналарини синовдан ўтказиш режаланганини билдирган эди.