Ўзбекистондаги энг йирик Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи яна сотувга қўйилди

Ўзбекистондаги энг йирик заводлардан бири бўлган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи даромади мустақилликдан сўнг биринчи оила назоратида бўлиб келган.

Иқтисодий маълумот тарқатишга ихтисослашган Spot нашрининг хабар беришича, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 100 фоиз улуши яна қайта сотувга қўйилди.

Ўзбекистондаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланган мазкур завод 2019 йил 10 апрелдаги президент қарорига асосан Индонезиянинг RT Trans Asia Resources ширкатига 16 миллион доллар миқдорида бошланғич тўлов билан сотилиши лозим эди. Вазирлар Маҳкамаси заводни сотиб оладиган ширкат заводга камида 120 миллион доллар жалб этиши шартлигини белгилаган.

RT Trans Asia Resources заводни 2019 йилнинг 31 декабрига қадар сотиб олиш имкониятига эга бўлган, бироқ ширкат ва Ўзбекистон ҳукумати бу борада якуний келишувга эриша олмаган.

Маълум қилинишича, заводни сотиб олишга қизиқиш билдираётган шахслар 28 май соат 18га қадар Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги UzAssets инвестиция ширкатига мурожаат қилиши мумкин.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Ўзбекистонда нефтни қайта ишлаш ҳажми бўйича етакчи заводлар орасида иккинчи ўринда туради. Завод йилига 2 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

Расман билдирилишича, заводнинг сўнгги уч йил ичидаги ўртача ялпи даромади 19 миллион долларга тенг бўлган. Заводда 6,5 мингга яқин ишчи меҳнат қилади.

Озодлик радиоси маълумотларга таянган ҳолда, бу завод узоқ узоқ йиллар Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг қайинсингли Тамара Акбарова ва унинг ўғли Акбарали Абдуллаевлар орқали биринчи оила назоратида бўлиб келгани ҳақида ёзган эди.