Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Россия қурилишига олиб келиш бўйича синов лойиҳа октябрь ойининг охиригача амалга оширилиши мумкин. Бу ҳақда Екатеринбургда ўтаётган 100+ TechnoBuild форумида Россия қурилиш вазири ўринбосари Никита Стасишин маълум қилди.
Унга кўра, айни пайтда дастурни бошқа вазирликлар билан келишиш жараёни якунланмоқда. Яқин кунларда ҳукумат Ўзбекистондан коронавирусга қарши “Спутник Лайт” вакцинаси билан эмланган 10 минг меҳнат муҳожирини Россияга олиб келиш схемасини тасдиқловчи қарорни қабул қилиши кутилмоқда.
Вазир ўринбосарининг айтишича, бу масалада Ўзбекистон ҳукумат тузилмалари билан ҳам тиғиз ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Россия қурилиш вазирлиги сентябрь ойининг бошларида қурилиш майдонларида ишлатиш учун меҳнат мигрантларини чартер поездларида ташиб келиш тартиб-таомилларини Ўзбекистон билан муҳокама қилаётгани тўғрисида билдирган эди.
Ўшанда Никита Стасишин : “Ўзбекистонда меҳнат мигрантларини саралаш, эмлаш ва бошқа зарур барча ишларни синов тарзида ташкил қилишни режалаштиряпмизки, бу бизга уларни поездларда Қозоғистон ҳудуди орқали, марказлаштирилган ҳолда ва хавфсиз етказиб келиш имконини беради”, деб айтган.