Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Халқаро сузиш федерацияси - FINA ўзбекистонлик уч спортчини Токио олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилгани ортидан Ўзбекистон сузиш федерациясидан федерация бош котиби Алишер Ғаниевни вақтинча ўз лавозимидан четлатилишини талаб қилди. Талабнома 18 июль куни Миллий Олимпия қўмитаси расмий сайтида эълон қилинди.
Маълум бўлишича, FINA комиссияси текширувлардан сўнг Ўзбекистонда ўтказилган очиқ чемпионатда сузувчилар Одилбек Юсупбоев, Элдор Усмонов ва Алексей Тарасенконинг натижалари сохталаштирилганини аниқлаган. Бунинг ортидан уларнинг Токио олимпиадасига лицензиялари бекор қилинди.
Халқаро арбитраж суди Ўзбекистон сузиш федерациясининг FINA қарори устидан киритган шикоят аризасини қаноатлантирмади ва Ўзбекистонда ўтказилган очиқ чемпионатда спортчиларнинг натижалари сохталаштирлганига ишонилишини қайд этди.
Айни пайтда олимпия нормативларини бошқа мусобақаларда бажарган ўзбекистонлик спортчилар Хуршиджон Турсунов ва Наталья Критинина олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини сақлаб қолди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси мазкур ҳолатни текшириш учун ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилмоқда.