Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда жиноят ишлари бўйича суд 2 ноябрь куни трансплантолог Гани Куттимуратов ва Чимкентнинг 1-сонли шаҳар клиник касалхонаси бош врачи Абилай Донбайни “инсон аъзоларини ноқонуний равишда кўчириш” айблови бўйича оқлади. Суд жараёни 7 ой давомида ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди.
“Судда трансплантация амалиётини ўтказган врачлар ҳужжатлар қалбаки эканини билмаганлари аниқланди. Инсон аъзоларини кўчириш бўйича барча операциялар керакли ҳужжатлар тўла расмийлаштирилган ҳолда ва расмий равишда ўтказилган”,-дейилади суд сайтида эълон қилинган билдирувда.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги бир йил аввал Ўзбекистон, Қирғизистон ва Украина фуқароларининг буйракларини ноқонуний равишда кўчириб олиб, бошқа шахсларга, асосан Исроил фуқароларига ўрнатган врачлар қўлга олинганини билдирган эди.
Айни пайтда суд Гани Куттимуратовни “касбий вазифасини сидқидилдан бажармаган”ликда айбдор деб топди ва икки ярим йилга озодликдан маҳрум қилди. Суд баёнотида айтилишича, буйрак кўчириш операциясидан сўнг беморлардан бирига ОИТС юқиб қолган.
Шу билан бир қаторда ишнинг учинчи фигуранти бўлган Қирғизистон фуқароси Бермет Тайсалова 6 йилга қамалди. У “Одам ички аъзолари ва ҳужайраларини ноқонуний кўчириб олиш ёки кўчириб олишга мажбурлаш” моддаси асосида айбдор деб топилди.
Терговнинг билдиришича, Тайсалова 2017 ва 2018 йилларда халқаро қидирувда бўлган шахсларга Қозоғистонда инсон ички аъзолари билан ноқонуний бизнес қилишга кўмаклашган.