Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалининг ўқитувчилари ва талабаларида коронавирус аниқлангани ортидан мазкур муассаса 12 апрелдан бошлаб 14 кунлик карантинга ёпилди. Расман билдирилишича, 14 кун мобайнида ўқиш онлайн режимда олиб борилади.
Филиал расмий сайтида коронавирусга чалинганлар 9 апрель куни Самарқанд шаҳар санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан олиб борилган эпидемиологик текширув чоғида аниқлангани билдирилган. Бироқ уларнинг сони ва бугунги кундаги аҳволи тўғрисида маълумот берилмаган.
Бундан ташқари филиалнинг талабалар и яшовчи ётоқхонада беморлар билан мулоқотда бўлганлар 14 кунлик изоляцияга олинади ҳамда назорат ишлари олиб борилди.
Аввалроқ талабалар орасида коронавирусга чалиниш ҳодисалари аниқлангани ортидан Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 12 апрелдан икки ҳафтага карантинга олингани хабар қилинганди.
Бу орада Самарқанддаги 35-умумтаълим мактаби ҳам икки ҳафталик карантинга олингани маълум бўлди. Бунга ўқувчилар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқлангани сабаб бўлган.