Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 16 ёшли қизни зўрлаганлардан бири 13 январь куни ўз уйида ўлик ҳолда топилди. Зўрлангани айтилаётган қиз эса бедарак йўқолди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси 20 январда маълум қилди.
Билдирилишича, 2 январь куни 2004 йилда туғилган П.Э., Каттақўрғон туман ИИБга И.С., уни “Чинобод” маҳалласига олиб бориб зўрлагани, шундан сўнг С.Р., исмли фуқаро ҳам “Сув омбори” ҳудудига олиб бориб, зўрлик билан жинсий алоқа қилгани ҳақида ариза ёзган.
“Ишда тўпланган далилларга асосан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда жиноят иши юзасидан ҳудудий тегишлилиги бўйича Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҳузуридаги ТБ (тергов бошқармаси) томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади расмий билдирувда.
Прокуратуранинг билдиришича, вояга етмаган қизни зўрлаганлардан бири С.Р.,13 январь куни ўзининг Каттақўрғон туман “Саройқўрғон” маҳалласида жойлашган уйида ўлган ҳолда топилган. Унинг ўлим сабаблари текширилмоқда.
14 январь куни эса Каттақўрғон шаҳар прокуратурасига зўрланган қизнинг ота-онаси мурожаат қилган. Уларнинг билдиришича, П.Э., 10 январь куни уйидан чиқиб кетган ва бедарак йўқолган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади хабарда.