ИИВдан ФВВга ўтказилаётган ўт ўчирувчилар ишсиз қолишдан қўрқмоқда

Фарғона вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги хизматида ишлаëтган ўндан зиëд ходим 23 декабрь куни Озодликка ëзма мурожаат қилиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига мажбуран ўтказилаëтганидан норозилигини билдирди.

Ўзбекистон президенти жорий йилнинг 28 ноябрида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ички ишлар вазирлиги бошқаруви остида бўлиб келган Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматини Фавқулодда вазиятлар вазирлигига, Қўриқлаш бош бошқармасини эса Миллий гвардияга ўтказиш тўғрисида кўрсатма берган эди.

Озодликка келган мурожаатни имзолаганлардан бири, майор рутбасидаги зобит билан гаплашди. Исми айтилишини истамаган бу зобитга кўра, “ФВВ тизимига ўтказилса қатор имтиëзлардан маҳрум бўлишади”:

- ФВВ га ўтиш бўйича меҳнат шартномаси тузмаган (тузганлари ҳам бор - таҳр.)) ходимларни мажбурий тарзда хизматдан бўшати тўғрисида вазир Бобожонов кўрсатма берибди. Майли, биз солдатмиз, буйруқни бажарамиз. Лекин нега қўриқлаш хизмати ходимлари масаласида вазир бу йўлни тутмади.? Қўриқлаш бош бошқармасидан Миллий гвардияга ўтказилишини истамаганларга ИИВ тизимидан иш топиб берилдику?! Биз ўт ўчирувчиларнинг нима айбимиз бор? ФВВ билан меҳнат шартномаси тузмаганларни ИИБ тасарруфига ўтказиб қўйишса нима ўзгаради? Осмон узилиб ерга тушадими? Биз ҳам ИИБ ходими бўлганмизку? Бизга ИИБ да жой йўқ деб баҳона қилмасдан, ечимини топиб беришсин​!

Озодлик яна бир фарғоналик ўт ўчирувчи билан суҳбатлашди. Сафдор рутбасида бўлган 26 яшар йигитнинг Озодликка айтишича¸ меҳнат шартномаси тузмаганлар 1 январдан ишга келмасин деб вилоят раҳбари мажлисда айтган:

Сафдорнинг Озодликка айтишича, бундан олдин, 30 ноябрда Ички ишлар вазири вилоятда сайёр қабул ўтказган ва ИИВ таркибида қолмоқчи бўлган ўт ўчирувчиларни қабул қилмаган:

- Вазир Пўлат Бобожонов Фарғона вилоят ИИБ биносида ўтказган сайёр қабулига бизни - ИИБ ихтиёрига ўтмоқчи бўлган ходимларни киритишмади. Шу куни биздан ИИБга ўтиш бўйича билдиргилар ёздириб олишди. Ўзимиз вазирга олиб кирамиз, сизлар шарт эмассизлар, деб кадрлар бўлимидагилар бизни алдашди. ИИБ биноси олдидан кетказиб юборишди. Орадан икки ҳафта ўтиб, билдиргиларимизни ЁХБга бизда жой йўқ деб жўнатиб юборишди. Биз ҳозир бўш ўрин сўрамаяпмиз, ИИБ ихтиёрига ўтказишларини сўраяпмиз холос.

Ўзбекистон президентининг 28 ноябрда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида берган кўрсатмаси асосида 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги хизматида ишлаëтган барча ходимларни Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўтказиш бўйича Ички Ишлар вазири Пўлат Бобожонов кўрсатма берган.

Бу кўрсатма борасида ўзини Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Даврон Қамбаровнинг ëрдамчиси деб таништирган мулозим Озодликка изоҳ берди. Унинг айтишича, ИИВ ëнғин хавфсизлиги тизимида ишлаб келган ҳар бир ходим билан шартнома тузилади. Мулозимга кўра¸ бу шартномада ИИВ ходими ўз ихтиëри билан ФВВ тасарруфига ўтиши ҳуқуқий кафолатланади.

Ўт ўчирувчилар нимадан қўрқмоқда?

Фарғона вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги хизматида ишлаëтган майор рутбасидаги зобитнинг Озодликка тушунтиришича, ўт ўчирувчилар ишсиз қолишдан қўрқмоқда:

- ФВВнинг бизга кўзи учиб тургани йўқ. Штат жадвали тўлган. Биз ИИВ дан ФВВга ўтган пайтда вақтинча 3 ойга қуш ҳуқуқи билан ишга олинамиз. 3 ой ичида бўш ўрин топилмади деб бизни бўшатиб юборишади. Кўчада қоламиз. Бола-чақамизни қандай боқамиз. бу ўйинларни хамма тушиниб турибдику?! Илтимос унақа қилманглар жаноб вазирлар!

Озодлик ўт ўчирувчилар ташвиши борасида Фарғона вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасига қўнғироқ қилди.

Ўзини бошлиқнинг биринчи ўринбосари Ойбек Холматов деб таништирган мулозим Озодлик саволини жавобсиз қолдирди.