Мева-сабзавот бозорини таҳлил қилишга ихтисослашган EastFruit нашри таҳлилчилари 2021 йилда Ўзбекистон деярли ўрик экспортини тўхтатгани тўғрисида маълум қилди.
Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон ички бозорида ўрик нархи ўтган йилларга нисбатан 6,5 баробарга қимматлаган ва ўрик нарх нисбатан паст бўлган Тожикистондан импорт қилинмоқда.
Таҳлилчилар бу ҳолатни Ўзбекистонда баҳор ойларидаги совуқ об-ҳаво билан боғламоқдалар. Уларга кўра, февралнинг охирлари ва мартнинг ўрталарида Ўзбекистондаги ўрикзорларни совуқ уриб кетган. Бунинг натижасида Ўзбекистондаги ўрик ҳосилининг камида 60-65 фоизи нобуд бўлган.
Нашр 2020 йилда Ўзбекистонда рекорд даражада – 74,5 минг тонна ўрик етиштирилганини ёзган. Ўзбекистонда 2019 йилда 58 минг тонна, 2018 йилда 43 минг тонна, 2017 йилда 23 минг тонна ўрик етиштирилган эди.
Ўзбекистон 2020 йилда ўрик экспорти бўйича жаҳонда Испаниядан кейинги иккинчи ўринни эгаллаган. 2020 йилда Испания 96 минг тонна ўрик экспорт қилган.
EastFruit экспертлари 2021 йилда Туркия ўрик экспорти бўйича жаҳон лидерига айланишини башорат қилмоқдалар.