Андижон шаҳрида совуқда ўқувчиларни юпун кийимда байроқ хилпиратишга олиб чиққан 43-умумтаълим мактабининг директори ва директор ўринбосари ишдан олинди. Бу ҳақда Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси 23 ноябрь куни маълум қилди.
Хабарда айтилишича мазкур ҳолат юзасидан ташкил этилган ишчи гуруҳи мазкур ҳолат 19 ноябрь куни “Янги Ўзбекистон - Янгича дунёқараш” шиори остида ўтказилган тадбир пайтида кузатилганини аниқлаган.
Ишчи гуруҳ болалар суратга олиш вақтида 2-3 дақиқагина ташқарида бўлишганини, сўнг устозлари томонидан танаффус вақти тугамасдан синф хоналарига кирганларини билдирган.
Расмий баёнотда айтилишича, она-оналар мактаб ва ўқитувчиларга бу масалада ҳеч қандай эътирозлари йўқлигини айтишган.
Шунга қарамай 43-умумтаълим мактабининг директори ва директор ўринбосари ишдан олинган.
22 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Aндижон шаҳридаги 43-мактаб ўқувчилари юпун кийинган ҳолда байроқ кўтариб маҳаллий амалдорларни кутиб олаётгани акс этган фотосурат тарқалган эди. Фотосуратда иссиқ кийимдаги бир эркак ва бир аёлни кўриш мумкин.
"Кўча жуда совуқ. Энди тасаввур қилинг шу изғиринда курткасиз, ёш болага қанчалик совуқ. Шу тарғиботингизни иссиқроқ кунларга қолдирсангиз бўларди. Одамни қадри бўлмаса ҳам болаларни қадрлайлик", — деб ёзди блогер Нозим Сафари.
“Газета.uz”нинг ёзишича, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати вазир Шерзод Шерматов илгари барча мактаб директорлари ва ҳудудий халқ таълими бўлимлари раҳбарларини бундай ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида қатъий огоҳлантирганини билдирган.
Аммо вазирлик огоҳлантирилганига қарамай, бундай ҳолатга йўл қўйган расмийларга нисбатан қандай чора кўрилиши ҳақида билдирмади.