Ўзбекистонда ҳар юз минг кишидан 68 нафари жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтамоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида 11 январда ўтган йиғилиш пайтида маълум қилинди.
Расман билдирилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 54 та жазони ижро этиш муассасаси мавжуд. Шундан 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил колония ва 11 таси тергов ҳибсхонларидир.
Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотларда қайд этилишича, жазони ижро этиш тизимида 22 мингдан ортиқ маҳкум мавжуд. Улардан 7 мингдан ортиғи манзил колонияда, 14 мингдан ортиқроғи ёпиқ турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.
“Жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимдаги 54 та жазони ижро этиш муассасалари 3 280 дона замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган”,-дейилади хабарда.
Расмий маълумотда таъкидланишича, 2020 йил 1 август ҳолатига кўра, АҚШда ҳар юз минг одамдан 639 нафари, Россияда 340 нафари, Туркияда 335 нафари, Беларусда 343 нафари, Ўзбекистонда 68 нафари жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтамоқда.