Қарши шаҳрида 6 январь куни соат 08:10 ларда юз берган газ портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Расмий билдирувда айтилишича, “Отчопар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги уйлардан бирида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши юзага келган. Чақнаш ортидан юз берган портлашда бинонинг деворлари қулаб тушган.
“Воқеа жойига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув гуруҳи зудлик билан етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб борган. Афсуски, ушбу ҳодиса оқибатида икки нафар фуқаронинг жасади вайрон бўлган уй ичидан олиб чиқилган”,-дейилади расмий билдирувда.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.