Қашқадарëда бир неча киши шубҳали мол гўшти егани ортидан касалхонада даволаниб чиқди

Нишон туманида сўйилган "касал сигир" ахоли орасидаги ваҳимага сабаб бўлган.

Қашқадарё вилоят, Нишон туман, Балхияк қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи 30 дан ортиқ кишига 23 май куни мол гўштидан заҳарланган, деган гумон билан илк тиббий ёрдам кўрсатилган ва уларга стационар даволаниш учун шифохоналарга йўлланма берилган.

Озодлик саволларига 1 июнь куни жавоб берган маҳаллий врач¸ “гўштдан заҳарланганлар тузалиб, касалхонадан уйига жавоб берилгани ва уларнинг куйдиргига чалингани гумони ўз тасдиғини топмаганлигини айтди.

Яқинлари касалхонага ëтқизилган қашқадарëлик фаол, 31 май куни Озодлик билан боғланиб иддао қилишича, "касалхонага 30 дан ортиқ одам ëтқизилган ва уларнинг аксари унинг яқинлари ва қариндошларидир".

Озодлик касалхонага тушганлардан бири билан гаплашди. Исми айтилмаслигини сўраган бемор 23 май куни кўнгли айниб касалхонага тушгани ва бошқалар қатори гўштдан заҳарланганликда гумони борлигини айтди.

Бемор 23 май куни насияга олган гўштни истеъмол қилгани ортидан саломатлиги ëмонлашганлигини иддао қилди.

"Эзгулик" ташкилоти фаоли 29 май куни гаплашган Нишон тумани ИИБ вакилига кўра, туманнинг Балхияк маҳалласи турғуни (исми Озодликка маълум) 23 майда касалланган сигирини сўйиб, маҳаллага тарқатган. Натижада касалланган сигир гўштини истеъмол қилиш натижасида 30 дан ортиқ кишида касаллик симптомлари пайдо бўлган.

“Хайриятки, кўпчилик беморларда касаллик оғир кечмаган. Аммо 30 нафар шахс ҳозирда даволаняпти. Уларнинг орасида ўлим йўқ. Бироқ шундоғам карантин пайтида бу бало одамларга оғир бўлди” деган эди ИИБ ходими 29 май куни "Эзгулик" фаоли билан суҳбатда.

Бу суҳбат ҳақида "Эзгулик" фаоли 1 июнь куни Озодликка маълум қилди.

Бу суҳбатдан 3 кун ўтиб маҳаллий доктор Озодлик мухбирига "касаллар тузалиб шифохонани тарк қилганини" айтди.

Касалхонада даволаниб чиққанлардан бири Озодлик мухбири билан суҳбатда “касал мол гўшти" билан боғлиқ ўзи билган тафсилотларни айтиб берди.

“Ўша куни (23 май) қишлоғимиз ветеринари Ҳусниддин сигирга осма укол қуяётган бўлган, шунга қарамай сигир ўлавергач, уни сўйишган. Гўштини 40 минг сўмдан баҳолаб, насияга тарқатилди. Олиб, оила аъзоларимиз билан еб, ҳозиргача даволанишимиpга 5-6 миллиондан ортиқ пул кетди” деди даволанаётганлардан бири.

Нишон туман ҳокимлиги ходими Озодлик билан суҳбатда “касал молни сўйиб сотиш хавфи юзасидан” аҳоли орасида тушунтириш олиб борилаëтганлигини айтди.

Қашқадарё вилоят Ветеринария бошқармаси ва Нишон туман Давлат санитария эпидемиология станцияси касал мол гуштидан заҳарланганлар билан боғлиқ ҳолат бўйича изоҳ бермади.

Ҳеч ким чалинмаган "куйдирги" ваҳимаси

Қашқадарëлик фаолнинг Озодликка айтишича, касал мол гўштини еганлар “куйдирги касалига” чалинибди деган ваҳима тарқалган.

Балхияк маҳалла фаоли Аҳмад Ақановнинг ишонч билан айтишича, “ҳеч ким куйдиргига чалинмаган”.

“Ҳеч ким куйдирги касалига чалингани йўқ. Бундай касал бизнинг маҳаллада қайд қилинмади" деди Ақанов.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ходими ҳам 1 июнь куни Озодлик саволига жавобан “Нишон туманида куйдирги касаллиги ташхиси билан ҳеч ким касалхонага ëтқизилмаган” дея билдирди.

Айни пайтда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ходими Нишон туманида касал мол гўштидан заҳарланиш ҳолати бўйича кимдир шикоят қилса, албатта атрофлича ўрганилишини билдирди.