Қашқадарё вилояти республикада энг кўп коррупцион ҳолатларга йўл қўйган вилоят сифатида қайд этилган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, "Дарё" нашрининг ёзишича, куни кеча ХТВ раҳбари Шерзод Шерматов ва халқ таълими бошқармаси вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда билдирган.
Йиғилишдаги чиқиши чоғида З. Мирзаев Қашқадарё вилояти халқ таълими тизимида таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва коррупция авж олганини гапирган.
“Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг раҳбари ва Ҳисоб палатаси келганда биз вилоятдаги коррупцион ҳолатлар бўйича муҳокама ўтказдик. Айнан таълим ва тиббиётни муҳокама қилдик. Қашқадарё республикадаги энг катта коррупцион хатоликларга йўл қўйган вилоят сифатида қайд этилди. Бу қачонгача давом этади?" дея савол ташлаган вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.
Мулозим ўз сўзи давомида Яккабоғ туман халқ таълими тизимидаги коррупцион ҳолатлар ҳақида ҳам тўхталиб, “Яккабоғни айтяпти, жиноий иш очилган. Жиноий иш очилиб, уч ой давомида ҳали тергов кетяпти. Тергов давомида ўша одам, ўша раҳбар яна 200 миллион долларга коррупцион операция қилиб қўйган. Қандай қилиб булар билан муроса қилиб бўлади?” деган, бироқ “ўша раҳбар”нинг кимлигини очиқламаган.
Зойир Мирзаев Қашқадарё вилоятини 2019 йил октябридан бери бошқариб келмоқда. Қашқадарё вилоятига ҳоким этиб тайинланишидан аввал у Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманига раҳбарлик қилган.
Ундан ҳам олдин З. Мирзаев бош вазирнинг ўринбосари вазифасида ишлаган, бироқ 2018 йил октябрида Тошкент вилояти Оққўрғон туманида олти киши - туман ҳокимлигининг уч мулозими, икки фермер ва бир маҳалла оқсоқолини ариқдаги совуқ сувга тушириб, таҳқирлагани ортидан ишдан олинганди.