Қашқадарёда битирувчилари ОТМга киролмаган 20 та мактабнинг раҳбарлари ишдан олинди

2020 йил сентябрида ОТМларга кириш учун тест топширган абитуриентлар (иллюстратив сурат)

Қашқадарё вилоятида бирорта битирувчиси олий таълим муассасаларига кирмаган 20 та мактабнинг директорлари ўз лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ўтган ҳафта якунида Қарши шаҳрида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов раҳбарлигида таълим сифати ва самарадорлигини оширишга бағишланган йиғилиш ўтказилган.

Йиғилишда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш бўйича энг юқори ва энг паст кўрсаткичга эга бўлган мактаблар қиёсий таҳлил қилинган.

Мажлисда бирорта ҳам битирувчиси ОТМга киролмаган 20 та мактабнинг директори ишдан олиниб, қолганларини ҳам лавозимидан озод этиш бўйича топшириқ берилган.

Айни пайтда битирувчиси олий таълимга кириш кўрсаткичлари бўйича юқори натижалардан бирини қўлга киритган Косон туманидаги 88-сонли мактаб жамоасига компьютер синфи совға қилинган. Шунингдек, Ғузор туманидаги 68-сонли ихтисослаштирилган мактаб ва Шаҳрисабз туманидаги 7-сонли мактаб-интернати директорлари ҳамда тўрт нафар фан ўқитувчиси “Халқ таълими фидоийси” кўкрак нишони билан тақдирланган.