Қашқадарё вилояти ҳокимияти 8 ноябрда тиббиёт ходимлари куни муносабати билан коронавирус ва пневмония каби йўлдош касалликлардан вафот этган тиббиётчилар шахсларини расман маълум қилди. Бунга қадар пандемия даврида вафот этган тиббиёт ходимлари исм-шарифлари расман ошкор қилинмаган эди.
Қашқадарё вилояти ҳокимиятининг билдиришича, вилоятда 27 нафар тиббиёт ходими вафот этган. Улардан 21 нафари врач, 6 нафари ҳамширадир.
Расман билдирилишича, вафот этган шифокорларнинг оилаларига 10 миллион сўмдан, ҳамшираларнинг оилаларига 5 миллион сўмдан, жами 240 миллион сўм моддий кўмак кўрсатилди.
Бунга қадар пандемия даврида вафот этган тиббиёт ходимларининг исм-шарифлари фақат “Фидокорлар” телеграм каналида чоп қилиниб келинар эди.
Телеграм каналининг маълумотларида қайд этилишича, 2020 йилда 485 нафар тиббиёт ходими вафот этган.
Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 30 июль куни фақатгина икки нафар тиббиёт ходими COVID-19дан ўлганини билдирганди.