Қашқадарёда хорижий компания 560 туп дарахтни кўчириб, қарийб 3 млрд сўм зарар етказди

Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилояти Касби туманида фаолият юритувчи Indorama Agro хориж корхонаси 560 туп дарахтни ноқонуний равишда кўчириб, табиатга катта миқдорда зарар етказди. Бу ҳақда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар берди.

Аҳоли мурожаати асосида ўтказилган текширувда Касби тумани Назартепа МФЙда ҳудудида 560 туп ҳар хил тур ва диаметрдаги дарахтлар техника ёрдамида илдизи билан кўчирилгани, бу жараёнда тегишли тартиб-қоидаларга амал қилинмагани аниқланган.

Ўсимлик дунёсига етказилган 2,8 миллиард сўмлик зарарни ундириш учун расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Ўзбекистон президенти 2021 йил 31 декабрь куни имзолаган фармонга кўра мамлакатда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган. Дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш ҳам тақиқланган.